27 сентябрь- Халқаро Туризм куни

  • 1970 йил 27 сентябрь куни  Испаниянинг Торремолино шаҳрида  Бутун жаҳон туризм ташкилотининг Устави қабул қилиниб, унинг Бош ассамблеяси томонидан мазкур санани Халқаро Туризм куни сифатида нишонлаш белгиланди.
  • Мақсад — туризмни тарғибот қилиш, унинг жаҳон ҳамжамияти  иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини  оммавий ахборот воситаларида ёритиш, турли мамлакатлар аҳолиси ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашдан иборат. Шунингдек, ҳар бир инсон ўзини сайёҳ сифатида ҳис қилиб,  Она  сайёрамизнинг гўзал, бетакрор табиати,  маданий, тарихий ва табиий ёдгорликларини ўрганиши, уларни асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшишидир.  Глобаллашув шароитида  тезкорлик билан ахборот алмашиниши  натижасида инсонларда дунё мамлакатлари билан танишишга қизиқиш кучайиб бормоқда. Бу ўз навбатида туризм соҳасининг ривожланишига олиб келди. 27 сентябрда аксарият дунё мамлакатларида Халқаро Туризм куни байрам сифатида нишонланиб, шу куни туризм йўналишларига бағишланган  турли хил тадбир ва фестиваллар ўтказилади. Бугунги кунда мазкур соҳада фаолият юритаётганлар сайёҳларга ҳар томонлама қулай ва хавфсиз шароит яратиб беришга ҳаракат қилишмоқда.
  • Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълум қилишича, дунё ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг ўндан бир қисми, халқаро инвестицияларнинг 11 фоиздан ортиғи туризм ҳиссасига тўғри келади. Бутун дунё бўйича сайёҳлар оқими йилига 4-5 фоизга ўсмоқда.
  • Туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати ва файзли гўшалари билан сайёҳларни ўзига ром этмоқда. Маълумотларга кўра, юртимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий жойлар сони бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Ўзбекистонда етти мингдан ортиқ меъморий ва археологик обида мавжуд. Бундай бебаҳо мерос халқимизнинг битмас­ туганмас бойлиги ҳисобланади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan